Ҳар бир одам – ўқилмаган китоб, дейилганидек, биз қўпинча бу китобнинг мазмунига эмас, муқовасига қараб, баҳо берамиз.
Бир вақтлар “Дўпписи тушиб кетса, пулга олдиради”, деган гаплар бўларди. Бугун хизмат кўрсатиш соҳаси анча ривожланиб кетди. Агар топиш-тутишингиз яхши бўлса, дўппингизни тушириб, яна олиб берадиганлар топилади.
У узатилгандан олганини, яна бир қанча санаб ҳамёнига жойлагач, қўлини совунлаб ювди. Энди ҳалоллик ҳақида маъруза ўқигани чиқади.
Кўпчилик омадга умид боғлайди. Лекин ўзимиз ғафлат уйқусида бўлсак, омад эшигимизни қоқа-қоқа қайтиб кетганини ҳам сезмай қолишимиз мумкин.
Кундалик истеъмолда ширин асал ҳам, аччиқ қалампир ҳам керак. Фақат уларнинг ҳар бирининг ўрни ва меъёрида ишлатишни билиш керак!
Телефон хизмат кўрсатиш доирасидан ташқарида”,- деган жавобни эшитганда, ўйланиб қоласан: телефон-ку майли-я, баъзи бир одамлар ҳам ўз хизмат кўрсатиш доирасидан ташқарида қолиб кетмаяптими?
Айрим инсонларнинг қилмишини кўрганда, каламуш уялар, илон пўст ташлар экан.