Сентябрь ойининг бошлари. Янги ўқув йили бошланган. Биз тўққизинчи синф ўқувчилари ўзимизни ўзга бир оламга тушиб қолгандек ҳис қилардик. Мана, шу ўтган уч ойлик таътил биз учун уч йилга чўзилиб, анчагина ақлли, бир мунча улғайиб, кўп нарсани кўриб қўйгандек эдик. Шу сабаб йигитлар ҳам дўконлардаги кўйлак-шимларни танлаб-танлаб олиб, ўзлари дазмоллаб киядиган бўлишди. Қизларимиз бўлса, ўғил болалардан анча илгарилаб кетишган. Атир-упалар сепиб, ўзларига оро берар, соч турмакларини ҳам кунда-кунора ўзгартириб, кимларгадир маъюс боққанича сизлаб гапирарди. Айниқса, маҳаллада оҳиста қадам ташлашар, қарашлари ҳам ўзгача эди. Синфимизнинг энг гўзали, энг чиройлиси Дилором эди. Барча йигитлар, ҳаттоки қизлар ҳам унга суқланиб қарарди.
Шу кунларнинг бирида «Дилшод Дилоромга севги мактуби йўллабди», деган гап болалади. Бу гапни эшитишим билан менинг тинчгина ҳаётим остин-устун бўлиб, ҳаловатим йўқолди. Ўзимни қўярга жой тополмай қолганимдан «Ишонмайман, сира ҳам бу гапга ишонмайман. Дилшод хат ёзган бўлса, ёзгандир. Лекин Дилором жавоб қайтармасдан хатини йиртиб ташлаган ёки ёқиб юборган», деб овутардим.
Аслини олганда, Дилором қўшним, ёшликдан бирга катта бўлганмиз. Ўша пайтлари биз болалар кўпчилик бўлиб Дилоромларнинг боғида арғимчоқ учиб, қувлашмачоқ ўйнардик. Байрам кунлари бўлиб қолса, ҳар хил спектакллардан парчалар қўярдик. Дилором иккаламиз энг фаол иштирокчи бўлганлигимиз учун бош роллар бизга насиб этарди. Бир-биридан қизиқарли севги шеърларини ҳам икковимиз ўқирдик. Бундай воқеалардан катталар ҳам хабардор эди. Ўшанда онам Дилоромнинг онасига «Шу қизингизни ўзим келин қиламан», деганида у «Майли-да, катта бўлаверсин-чи!» деган. Агар қарши бўлганида бошқача гап бўларди-да. Буни Дилоромнинг ўзи ҳам, ҳаттоки иккала оиладагилар ҳам жуда яхши билишарди.
Ҳозир шуларни ўйларканман, «Наҳотки Дилором ўша дамларни унутган бўлса, наҳотки Дилшоднинг ёзган бир парча хатига ишониб кетаверса. Нимага ўша сўзни мен айтмадим? Нима учун биринчи бўлиб дил изҳори мактубини мен ёзмадим?» деган гаплар ичимда ғалаён кўтарди. Эртаси куни мактабга борганимда ҳам устозларнинг гаплари қулоғимга кирмас, «Нимадир қилишим керак?» деб ўйланардим. Охири топдим. Дилоромнинг кўнглини орқаворотдан билишим керак. «Дилоромнинг энг яқин дугонаси — Умида. Ундан кўп нарсани билиб олса бўлади», дедим-у, яна Дилоромга синчиклаб разм солдим.
Ҳа, унинг қоп-қора узун қошлари, чақнаб турган кўзлари… У ниҳоятда гўзал. Жозибаси шу даражада кучлилигидан нақ фариштанинг ўзгинаси.
— Бўлса бордир, яна ким билади дейсиз! Ҳар кимнинг ўз кўнгли бор. Ўша кўнгилга буйруқ бериб бўларканми? Аслини олганда, улар бир-бирига жуда мос. Қиз бола кимни севишини бошқа бировга айтармиди. Мана, масалан сиз, ўзингиз биласизми, балки, сизни ҳам кўз остига олиб юрган қиз бордир?!
Унинг гапи мени ҳаяжонлантириб юборди. Юрагим ҳапқираб кетганидан шошилиб сўрадим.
— Ким экан ўша соҳибжамол?..
Умида менга жавоб бермас, ҳаттоки кўзимга ҳам қарамасдан йўлида давом этарди. Мен эса унинг бир оғиз гапига зор бўлиб, кўзимни узолмасдим. Ниҳоят, пичирлаган овозини эшитдим:
— Ўзингиз топинг!..
Энди бу гапи мени карахт қилиб қўйган эди. Нима дейишимни билмай қолдим. Бироз юрганимиздан сўнг тилга кирдим:
— Умида!..
У юришдан тўхтаб, менга юзланди.
— Сен катта бўлсанг, дадангга ўхшаб терговчи бўласанми ёки аянгга ўхшаб оқловчими?
Умида баралла кулиб юборди. Уни кўриб кўзларимга ишонмасдим. Қизлар шунчалик тез ўзгариб кетадими?!
Янги узилган ширмой нонга сариёғ суртилгандай юзининг ялтиллашини қара. «Дилором, Дилором» деяверганимдан бошқа қизларга унчалик назар ташламаган эканман. «Агар синфимизда Дилором бўлмаганида мана шу қиз — Умида биринчи ўринни эгаллаган бўларди», деган хулосага келдим.
— Яхши боринг! — деди Умида уйларининг олдига келганимизда хайрлашиш учун қўлини узатиб.
Мен ҳам қўлимни узатар эканман:
— Сиз ҳам яхши қолинг! — дедим.
Мен ҳам уни сизлаб юборганимни кейин билдим. Орадан бир кун ўтгандан сўнг Дилоромни ёлғиз учратиб, ўзидан сўрадим:
— Қизларга ҳар томондан дил изҳорлари келаётган эмиш?
— Дилшодни назарда тутяпсанми? — деб кулиб юборди у.
Кейин жиддийлашиб, бироз ўйланиб турди-да:
— Сенинг фикринг қанақа билмадим-ку, лекин менинг фикрим бошқача. Мана, мисол, қўшнимиз Зайнабни олайлик. Биздан анча кичкина бўлишига қарамай ўзи жуда зукко, ниҳоятда ақлли, чиройли қиз. Яна тўрт-беш йилдан сўнг кўрасан, ҳамма унга ҳавас билан қарайдиган бўлади. Ўзинг эсли-ҳушли, билимдон йигитсан. Яхшилаб ўйлаб кўр, — деди.
Бу гапларни эшитганимдан сўнг бор умидим пучга чиқиб, умримда илк бора ўксиндим. «Ҳа, унинг кўнгли Дилшодда. Уни севишини мендан яширмади. Йўқса, менга ўзимдан тўрт ёш кичкина қизни раво кўрармиди?» деган ўй хаёлимни қамраб олди. Шу куни кечаси билан ухлолмай, калласи эзилган илон каби тўлғониб чиқдим. Азонга яқин кўзим илиниб, туш кўрибман.
Дилором чиройли тикилган оппоқ ҳарир кўйлакда эмиш. Иккаламиз қўл ушлашиб, учар лочин каби осмону фалакка учибмиз. Шу даражада юқорилаб кетибмиз-ки, пастдаги ойга қараганда тепадаги юлдузлар яқинроқ эмиш. «Дилором, юр, юлдузларга яна ҳам яқинроқ борамиз», деб тургандим, бувимнинг чақириқ овозидан уйғониб кетдим.
«Яхши туш кўрибман. Худо хоҳласа, Дилором меники бўлади», деб ўрнимдан турдим. Онам ҳамшира. Шунинг учун бугун дам олиш куни бўлишига қарамай навбатчиликка кетибди. Дадам уйда кўринмади. Юз-қўлимни ювиб, бувимнинг олдига бордим.
— Қуруқ чойим тугаб қолибди, олиб келиб бер, — деб қўлимга пул тутқазди бувим.
Пулни олиб, дарвозага яқинлашганимда кичкина эшикчаси очилиб, Дилоромнинг боши кўринди.
«Ҳозир кечаги гапига узр сўрайди. «Хафа бўлма», дейди. Чунки тушим ўнгидан келади-да», дея кўчага чиқдим. Укаси билан турган экан. Саломлашдик.
— Аммамнинг хўжайини командировкага кетиб, уйда ўзи қолибди. Фарзандлари ҳали ёш. Ҳовлисида бир туп ёнғоғи бор. Ўшани териш керак экан. Дадам «Аммангга айтсанг, бирорта қўшнисидан илтимос қилса, қоқиб берар», деб тайинлади. Бегона йигитни нима қиламан. Сен ёрдам берармикинсан, деб олдингга келгандим, — деди Дилором кеча ҳеч нарса бўлмагандек.
Менга иш буюрганидан кўнглим кўтарилиб, кечаги гапларини ҳам унутдим. Ҳаттоки бувим буюрган ишни ҳам орқага суриб, «Хўп», дея унга эргашдим.
Автобусга чиқдик. Аммасининг уйи узоқ эмас экан. Тўрт бекат ўтиб, тушдик. Ёнимда пулим йўқлиги сабабли бувимнинг қуруқ чойга берган пулини йўл кирага тўладим. Дилоромнинг аммаси бизни яхши кутиб олди ва бир зумда дастурхонни тўлдириб ташлади. Нонушта қилмаган бўлсам-да, егани истиҳола қилдим.
Ёнғоқ дарахти ҳам жуда катта экан. Икки метрдан зиёдроқ ингичка таёқни қўлимга