ҳамшира ва даволовчи врач қаршисида ўзини тутишга уринди. Сир бой бермай, аёлни обдон текширди. Кейин эса компьютер хулосаси, касаллик тарихига разм солди. Ҳа, тайин эди. Аёлнинг аҳволи ҳақиқатан жуда жиддий. Уни фақат мураккаб жарроҳлик операцияси ёрдамидагина сақлаб қолиш мумкин эди. Бироқ… Операция ҳақи жуда қиммат туради. Беморнинг яқинлари бу пулларни топиб тўлай олишадими?.. Нима қилса экан?.. Ҳа, топди. Айни муддао бўлди. Худди шундай йўл тутса, Яратган ҳам, аёл ҳам рози бўлади. Бобомурод қиёмат қарзидан қутулади…
— Беморни операцияга тайёрланглар, — буюрди у даволовчи врачга. — Шошилиш керак. Бўлинглар тезроқ!..
Бобомурод бир неча кун ичида операция учун талаб қилинадиган маблағни кассага тўлади. Шу орада Россиядан ҳам махсус мутахассис чақиртирди…
Жарроҳлик операциясидан сўнг у бир парча қоғозга мактуб битиб, аёлнинг ёстиғи остига беркитди. Мактубда шундай жумлалар битилганди:
«Опажон, мана, неча йиллар ўтибдики, ўшанда сиз мени сийлаган бир стакан сут таъми оғзимдан кетмади. Ўша куни сутни ютоқиб-ютоқиб ичгандим. Негаки, ундан ҳақиқий она сутининг таъми келарди. Мен бўлсам, она сутига зор бўлиб ўсгандим. Ўша кундан бери сут ҳақини қандай тўлашни билмай азобландим. Аллоҳга шукр, менга имкон берди. Мен қиёмат қарзимни тўлаш бахтига эришдим. Опажон, сиз бу мактубни ўқиб сира аччиқланманг, ўтинаман! Қўрқманг ҳам! Операция пули тўланган. Сиз ҳеч кимдан қарздор эмассиз. Фақат худди ўша берган бир стакан сутингизга рози бўлсангиз бас. Ҳурмат билан: касалхона бош врачи.»
Олимжон ҲАЙИТ
(ҳикоя кўплаб ўқувчилар талабига кўра қайта чоп этилди)