Бошланғич синфда ўқирдим.
Бўйим бироз чўзилиб қолган
бўлса керак, биринчи синфда
кийган кийимларим тўғри
келмай қолди. Бу ҳам
етмаганидек, онам
шимимнинг қаеригадир ямоқ
солиб берса, икки кун ўтмай,
бошқа жойидан ситилиб
кетаверди. Қишда катта
опамнинг қизил пальтосини
кийгандим. Акамнинг эски
оёқ кийими билан синфни
зўрға тугатдим. Хуллас, ота-
онам янги кийим олиб
берадиган бўлишди. Бозорга
отландик...
Бозор. Улуғлар айтганидек,
қорни оч одам бозорга
борса, тўяди. Емасаям тўяди.
Жиллақурса, бозор кўриб
юрган одамнинг кўзи тўқ
бўлади. Отам билан кийим-
кечак сотиладиган томонни
қарийб ярим кун айландик.
Ҳар бир харидор ёнидан
узоқлашарканмиз, отам
таассуф билан бош чайқарди.
Кўзимга қарамасликка
уринарди. Хуллас, менга
“тўғри келадиган” кийим
топилди. Қизиғи, отам олиб
берган шим ва кўйлак, оёқ
кийим ҳам анча катта келди.
Отам “Икки-уч йил бемалол
киясан”, деб қўйди. Ўзимда
йўқ хурсанд бўлдим. Эрта-
индин мактабга бориб,
синфдошларимга
мақтанишни дилимга тугиб
қўйдим.
Кийим бозоридан
чиқарканмиз, димоғимга
“гуп” этиб таомларнинг ҳиди
урилди. Айниқса, кабоб
кўзимга оловдек кўринди.
– “Шашлик” олиб беринг,–
отамнинг нигоҳини қўра
томонга бурмоқчи бўлдим.
– ...
Қаранг, ота, менгаям олиб
беринг, оч қолдим.
Бу сўзни ҳеч бир ота “кўтара
олмайди” назаримда, жуда
оғир гап қилгандим.
Отамнинг бир қўлида менинг
янги кийимларим, иккинчи
қўли эса чўнтагида эди...
Нималарнидир чамалади,
шекилли, беихтиёр
тамаддихона томон бурилди.
– Юр ўғлим, бир сени
“шашлик”ка тўйдирай,–
балки кенжа фарзанд
бўлганим учундир отам
бирор марта илтимосимни
ерда қолдирмаган. Ошпаз
амаки битта шапати нон ва
икки дона сихда кабоб олиб
келди. Ликопчада пиёз ҳам
қўйди. Мен дастлаб ҳеч
нарсага эътибор қилмай,
олдимга қўйилган таомни
шошилганча еб бошладим.
Битта сихини тугатгач, бироз
нафсим қонди, шекилли,
отамга юзландим:
– Сиз емайсизми?
– Сен еявер, ўғлим, менинг
қорним тўқ, – отам шапати
нон билан пиёз чайнаб
ўтирарди.
Кабобни охиригача тугатдим,
отам эса аччиқ пиёзни нонга
қўшиб едилар...
Йиллар ўтса-да, бу воқеани
негадир эсимдан чиқара
олмадим. Отам билан боғлиқ
ўша вовеани юрагим эзилиб
эслайман. Чунки у пайтларда
отамнинг менга ҳар йили
янги кийим олишга пули йўқ
эди.
Бугун болаларимни
истаганча кабобга тўйдира
оламан. Хоҳлаган
кийимларини кийишади.
Чўнтагимда пулим тугайди,
деган хавотирим йўқ. Отам
ҳам тирик. Яқинда ўша
болалик изтиробларимни
эслаб, отамга кабоб олиб
бермоқчи бўлдим. Ўйламанг,
бу билан менинг қарзим
узилади, деган фикрдан
мутлақо йироқман. Аммо
инсонда шундай хислар
бўладики, уларга изоҳ бериб
бўлмайди. Шунчаки, юрак
буни амр этади.
Замонавий ресторанда отам
иккимиз ўтирдик.
Дастурхонни уч-тўрт хил
кабоб билан тўлдирдим. Энг
ноёб таомларга буюртма
бердим. Отам битта сихини
қўлига олди-да, анча вақт
тикилиб қолди. Бир чимдим
еган бўлди.
Ўзимча ўйладим, отам ҳам
ўша воқеани
эслаётганмикан?
– Олинг, ота.
– Болам, буларингни ейишга
тишим йўқ-да, ундан кўра
аччиққина кўк чой айтсанг-
чи...
Юрагим узилиб кетди. Отам
ўшандаям аччиққина пиёз
билан қорин тўйғазганди!