Агар пок бўлса, ҳеч нарса тил ва юракдан яхши эмас. Агар нопок бўлса, ҳеч нарса улардан ёмонроқ эмас
Joylandi: 14.07.22 / 12:52
Луқмони хакимни бир киши сотиб олиб, даргохида хизмат қилдирарди ва ундаги илму ҳикматни гоҳи-гоҳида синаб кўрарди. Бир куни имтиҳон тарзида буюрди:
– Эй Луқмон, менга бир қўйни сўйиб, cўнг яхши аъзосини олиб келгин.
– Бош устига, – деди Луқмон ва қўйни сўйиб, тили билан юрагини хожасига олиб келди.
Анча муддат ўтгандан кейин хожа уни яна чақириб, деди:
– Эй Луқмон, бир қўйни сўйгин-да, менга унинг энг ёмон аъзосини олиб келгин.
Луқмон қўйни сўйиб, яна тили билан юрагини кўтариб келди.
Хожа деди:
– Нега қўйнинг энг яхши аъзосини сўрасам ҳам, энг ёмонини сўрасам ҳам, тил ва юракни кўтариб келдинг?
Луқмон деди:
– Эй хожа, агар пок бўлса, ҳеч нарса тил ва юракдан яхши эмас. Агар нопок бўлса, ҳеч нарса улардан ёмонроқ эмас!